Логин:   Пароль:

Do'stlaringizni taklif eting!

Mini chat
So'rovnoma
Saytni baholang
Всего ответов: 12
Ma'lumot
waplog.uz
Проверка тиц pr

Onlayndagilar 1
Mehmon 1
Foydalanuvchi 0
Главная » 2010 » Yanvar » 15 » Nilufar Usmonova
 
Бугунги меҳмонимиз санъат йўлида катта орзу-умидлар билан кадам қўяётган хонанда Нилуфар Усмонова. -Кейинги пайтларда қўшиқчиликни бир ёққа суриб қўйиб, фильмларда ҳам рол ўйнаяпсиз? -Нима қилибди рол ўйнасам. Санъаткор бўлгандан кейин нима иш қўлидан келса ўшани қилади-да. Биз фильмларда ўйнамасак, бошқа соҳа мутахассислари келиб ўйнамайди-ку!
Режиссёр Зебо Наврўзова суратга олаётган фильмларга таклиф қилганди, рози бўлдим. Бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Бу шунчаки реклама холос.
-Шон-шуҳрат сиз учун нима? Сиз унга интилганмисиз?
-Йўқ. Мен ҳеч қачон шон-шуҳратга интилмаганман. Мен учун у ҳеч нарса эмас. Менинг энг катта ниятим, орзуим санъатда машхурликка, шон-шуҳратга эга бўлиш эмас, балки ўз қўшиқларим билан тингловчиларга маънавий озуқа бериш, улар қалбидан ўрин эгаллаш. Ўз қўшиқларим, ижодим билан уларни яхшиликка чорлаш. Айнан шу мақсадлар учун ҳаракат қиламан, интиламан.
-Айни кунда ижод қилаётган тенгдошларингиздан, яъни ҳамкасбларингиздан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?
-Ҳаммасининг ижодини имкон қадар кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳар бир хонанданинг ўз ижод йўли, ўз қўшиғи, ўз мухлиси бор. Тўғри, баъзи бир қўшиқ куйлашни ният қилган ихлосмандлар фавворадек отилиб чиқишади-ю, ўз-ўзидан ғойиб бўлишади. Агар улар ҳаракат қилиб кўпроқ меҳнат қилса, ўз йўлини топиб олади. Қўшиқ куйлаётган хонанданинг овози билан биргаликда юраги, қалби ҳам куйлаши керак. Ана шундагина хонанда ҳам, ижро этган қўшиғи ҳам қаршисида турган тўсиқларни енгиб тингловчи қалбига кириб боради. Ақлни ишлатиб юрак амрига, қалб кўзгусига қулоқ тутган хонанда мақсадига албатта эришади.
-Ўзингиз қўшиқ куйлаш борасида нималарга аҳамият берасиз?
-Энг аввало, шеърнинг матнига, сўзларнинг кучига, оҳангдорлигига эътибор бераман. Менинг кўшиқларимни тинглаган мухлисларим эрига бағишлаб айтяпти деб ўйлайди. Ваҳоланки, уларнинг бу хулосаси нотўғри. Турмуши бузилган аёл «Ёр», «Бир кунинг бахш эт» ёхуд «Таслим бўлдим» деб куйласа турмуш ўртоғига атаб куйлаган бўлмайди-ку. Тўғри, тан оламан биттагина «Хайр бевафо» номли қўшиғим унга аталган. Бошқа қўшиқларимнинг ўз тарихи ва ўз эгаси бор.
-Ҳаётда турмуши бузилиб, турмуш қурмай юрган аёлларга муносабатингиз қандай?
-(ўйланиб.) Биласизми, оиласи бузилган аёл ёки эркак учун ҳаёт тўхтаб қолмайди, у яшайди. Мен оиласи бузилган аёлларни қораламайман. Уларнинг тақдири, пешонаси шунақа бўлса нимаям қиларди. Баъзи бировлар инсон тақдирини ўз қўли билан яратади, дейди. Лекин, инсоннинг пешонасидаги, тақдиридаги ёзиқларни Яратган Эгамдан бошқа ҳеч ким билмайди ва ўзгартиролмайди. Инсон тақдирини ўзгартириш учун эмас, бахтли бўлиш, севган инсони билан бирга бўлиш, яхши кўрган касби билан шуғулланиш учун ҳаракат қилиши, курашиши керак. Нима кераги бор турмушим бузилди, энди мен яшашни истамайман, ўламан деб айюҳаннос солишнинг. Фарзанди йўқлар фарзандни, турмуши бузилганлар бахтини Яратгандан сўраса албатта эришади.
-Сиз-чи, сиз нимани сўрайсиз?
-Мен авваламбор тинч-фаровон яшаётган юртимизга кўз тегмаслигини, ҳамма бахтли яшашини сўрайман. Ундан кейин ўзим ҳам мўмин-қобил йигитга турмушга чиқиб кўпгина фарзандли бўлишни, уларни камолини кўриб бахтли бўлишни.
-Ўғлингиз ҳам катта бўлиб қолгандир…
-Албатта. Ҳамма нарсани тушунадиган ақлли бола бўлиб қолган. Ҳар куни эрталаб (фақат якшанбадан ташқари) туриб нонушта қилади-ю, «ойижон, боғчага борамизми», деб кийиниб тайёр туради. Кейин биргаликда боғчага борамиз. Сизга айтсам, ўғлим билан ўзаро сирлашиб ҳам турамиз.
-Ўғлингиз улғайиб санъаткор бўламан деб қолса қаршилик қилмайсизми?
-Йўқ. У қайси соҳани танласа ҳам қўллаб-қувватлайман. Ким бўлиши, қайси соҳани танлаши унинг ўзига ҳавола. Мен унга қайси соҳани танлаши кераклигини белгилаб бермайман. Аммо санъат соҳасини танламайди. У ҳеч қачон санъаткор бўлмайди.
-Энг қувончли кунингиз ҳақида гапириб беринг?
-Менинг энг қувончли куним бу фарзандимни биринчи бор кўрганим. Уни қўлимга олиб, бағримга босганим. Унинг илк бор қадам қўйиши-ю, «ойижон», деб ёнимга атак-чечак қилиб юриб келиши.
-Қандай воқеа сабабли ҳаётингиз ўзгариб кетган?
-Бу нарсага унчалик аҳамият бермаган эканман. Оддий нарса бўлиб ҳам бир маромда кетаётган ҳаётингиз ўзгариб кетиши мумкин. Бундай воқеалар жуда кўп бўлади. Масалан, ҳозир сиз кетиб қолсангиз, суҳбатимиз охирига етмайди, чала қолади. Шу сабаб бўлиб сизни ишдан ҳайдашади. Ана шу дақиқадан бошлаб ҳаётингиз ўзгаради. Ваҳоланки, бу сиз учун катта ёки кичкинагина йўқотиш бўлади. Ўзингизни қўлга олиб асабийлашмасангиз ҳаммаси яхши бўлади. Натижада бошқа иш топасиз. Менда ҳам турли хил воқеалар бўлиб ҳаётим ўзгаришига сабаб бўлган. Бироқ мен уларга катта аҳамият бермайман.
-Вақт топиб китоблар ҳам ўқиб турасизми?
-(кулиб.) Айтсам, сиз ҳам бошқа журналистлар сингари Нилуфар китоб ёзяпти деб ёзиб қўймайсизми?! Албатта, китоб ўқиб тураман. Бўш вақтларимда турли хил мавзудаги китобларни ўқиб ўзимга керакли хулосаларни чиқариб оламан. Бироқ газета ўқиёлмайман. Сабаби, кўчадан газета дўконларини тополмай қоламан.
-Айни кунда мухлисларингиз учун янги бўлган қандай ижодий ишлар билан бандсиз?
-Бекор ўтирганим йўқ. Янги қўшиқлар ёзяпман. Ҳозир кайфиятим жуда яхши. Сиз келишингиздан сал олдинроқ ҳам қўшиқ ёзаётгандик. Бу таронамнинг шеърини Гавҳар Матчонова ёзиб бердилар. Қўшиқнинг номига келадиган бўлсак «Дейман-дейман». ўйлайманки, мазкур таронам мухлисларимга ёқади. Бугун кайфиятим жуда яхши, сабаби, сиз келишингиздан бирмунча вақт олдин янги таронамни ёзиб тугатдим. Бундан ташқари яқин кунларда мухлисларим учун навбатдаги альбомни тақдим этмоқчиман. Иккинчи альбом учун тинимсиз ижод қиляпмиз. Насиб қилса бу альбомим аввалгисидан бутунлай фарқ қилади.
-Сўнгги савол. Мухлисларингиз учун ёзиб берадиган дастхатингиздан қандай сўзлар ўрин олади?
-Сизларни ҳеч қачон омад, бахт ва қувонч тарк этмасин. Сизларга яхшиликни соғиниб қолувчи Нилуфар!..

Блиц-анкета
Тўлиқ исм-шарифи: Ҳакимова Нилуфар Ибрагимхановна
Туғилган санаси: 6 апрел
Туғилган жойи: Тошкент
Бўйи: 163 см.
Кўзларининг ранги: оч жигарранг
Севимли ичимлиги: кўк чой.
Севимли гули: атиргул
Севимли таоми: Ош, шўрва.
Севимли актрисаси: Анжелина Жоли
Севимли фильмлари: «Титаник», «Девдас», «Маҳаллада дув-дув гап»
Мактабда энг яхши кўрган фани: француз тили ва математика
Севимли спорт тури: От спорти
Добавил: Mehmon | Дата: 19.04.2024 | Просмотров: 2266
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Аватар
Поиск
Календарь
«  Yanvar 2010  »
DuSeChPaJuShYa
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
foydali